Ўзбекистонда олий таълим ташкилотлари ва техникумлар битирувчиларининг касбий тайёргарлиги ҳамда меҳнат бозори талабларига мослиги иш берувчилар баҳоси асосида ўрганилади.
2026 йил 27 июль кунидан Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан иш берувчилар ўртасида умуммиллий сўровнома ўтказиш бошланди.
Сўровнома Президентнинг "Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилмоқда.
Тадқиқотнинг асосий мақсади олий таълим ташкилотлари ва техникумлар битирувчиларининг касбий тайёргарлиги, билим ва кўникмаларини иш берувчилар баҳоси асосида ўрганиш ҳамда уларнинг замонавий меҳнат бозори талабларига қай даражада мос келишини аниқлашдан иборат.
Сўровнома давомида иш берувчиларнинг битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги, амалий кўникмалари ва компетенциялари, мустақил ишлаш қобилияти, рақамли кўникмалари ҳамда меҳнат бозори талабларига мослиги ҳақидаги фикрлари ўрганилади.
Тадқиқот республика бўйлаб олий таълим ташкилотлари ва техникумлар битирувчиларини ишга қабул қилган иш берувчиларни қамраб олади.
Сўровнома доирасида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги интервьюерлари ва волонтёрлари томонидан телефон орқали суҳбатлар ўтказилади. Зарур ҳолларда иш берувчилар фаолият юритаётган ташкилотларга бориб, юзма-юз интервьюлар ҳам ташкил этилади.
Маълум қилинишича, умуммиллий иш берувчилар сўровномаси натижалари олий таълим ташкилотлари ва техникумларнинг Миллий рейтингини шакллантиришда қўлланиладиган муҳим индикаторлардан бири ҳисобланади.
Сўровнома натижасида олинган маълумотлар кадрлар тайёрлаш сифати, таълим дастурларининг меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқлиги ва битирувчиларнинг рақобатбардошлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, ушбу маълумотлар таълим сифатини янада ошириш, таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ва соҳани ривожлантиришга қаратилган таклиф ҳамда чора-тадбирларни ишлаб чиқишда таҳлилий асос бўлиб хизмат қилади.






