Полиция маълумотига кўра, қиз маҳаллий қабила оқсоқоллари томонидан ноқонуний муносабатларда айбланиб, "кари" деб эълон қилинган. Шундан сўнг бобоси ва тоғаси уни қабила оқсоқолининг буйруғи билан отиб ўлдирган.
Фожеа 10 апрель куни Хайрпур туманидаги Тандо Масти қишлоғида содир бўлган. Қотиллик видеога олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқалган. Марҳуманинг онаси Набул қизининг қичқириқлари ҳамон қулоғидан кетмаётганини айтган. Отаси Муҳаммад Рамзан эса воқеа содир бўлган пайтда Карачи яқинидаги цемент заводида тунги сменада ишлаётган бўлган.
Холида беш йил аввал амакиваччасига турмушга чиққан эди. Бироқ эри бедарак йўқолгач, у ота-онасиникига қайтган. Орадан беш ой ўтиб, қариндошлари уни бошқа эркак билан алоқада бўлганликда айблаб, маҳаллий жирга (қабила кенгаши) олдига олиб чиққан. Айнан шу йиғинда унга нисбатан ўлим ҳукми чиқарилгани айтилмоқда.
Полиция ушбу жиноят юзасидан уч нафар гумондорни қўлга олган, яна бир шахс қидирувга берилган. Иш судга оширилиши кутилмоқда.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар маълумотига кўра, 2025 йилда Покистонда камида 470 нафар аёл "номус учун қотиллик" қурбони бўлган. Фаоллар эса ҳақиқий қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини, бундай жиноятларга сабаб бўлаётган анъаналар ва айрим ҳолларда айбдорларни ҳимоя қилувчи тизим ҳали ҳам сақланиб қолаётганини таъкидламоқда






