Сурхондарё вилоятида давлат мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ҳисоботларга имзо ва муҳр қўйиб бериш эвазига 14 миллион сўм пора талаб қилган мансабдор ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасига келиб тушган мурожаатда айрим шахслар давлат боғчаларига шартнома асосида етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари қабул қилинганини тасдиқловчи ҳисоботларга имзо ва муҳр қўйиб бериш учун ноқонуний пул талаб қилаётгани билдирилган.
Тезкор тадбир 20 июль куни ўтказилган. Унда 1987 йилда Жарқўрғон туманида туғилган шахс ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, раҳбарлик қилиб келаётган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда бошқа бир давлат боғчасига “Тошмурод Ойдин” МЧЖ томонидан етказиб берилиши лозим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ қабул қилинганини тасдиқловчи ҳисоботларга имзо ва муҳр қўйиб бериш эвазига пора талаб қилгани аниқланган.
Мансабдор ҳар бир боғча учун 7 миллион сўмдан, жами 14 миллион сўм талаб қилган. У мазкур пул маблағларини олаётган вақтда тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.






