Маълум бўлишича, автомашинани бошқарган шахс 17 ёшли йигит бўлиб, у транспорт воситасини ҳеч қандай ҳужжатсиз ижарага олган. Шунингдек, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган.
Ҳуқуқбузарнинг айтишича, у Бунёдкор кўчаси, Мирзо Улуғбек кўчаси ҳамда ТТЗ ва Кўкбозор йўналишида хавфли манёврларни бажарган. Видеони ижтимоий тармоққа жойлаганидан сўнг кўп ўтмай Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари уни аниқлаган.
"Автомобилни ижарага олгандим. Ҳеч қандай ҳужжатим ҳам, ҳайдовчилик гувоҳномам ҳам йўқ эди. Ўзим 17 ёшман. Бу ишни шунчаки қизиқиш учун қилдим. Юзим ҳам, автомобилнинг давлат рақами ҳам видеода кўринмаганди, лекин барибир топишди", дейди у.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128¹⁰-моддаси ("Йўл безорилиги") асосида маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.
Маълумот учун, мазкур моддага мувофиқ, ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.






