Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимида коррупция билан боғлиқ бир қатор ҳолатларга чек қўйилди.
Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими шифокор ёрдамчиси М.А. "М.М." МЧЖ томонидан ишлаб чиқариладиган тайёр озиқ-овқат маҳсулотларига ижобий хулоса олиб беришни ваъда қилиб, бунинг учун 300 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида эса санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими санитария врачи Ф.Б. якка тартибдаги тадбиркорнинг нон ишлаб чиқариш цехига санитария-гигиена хулосасини расмийлаштириб бериш эвазига 9 миллион сўм талаб қилган. Тезкор тадбир давомида у келишилган маблағнинг 400 АҚШ долларини олган вақтида ушланган. Тергов давомида унинг аввал ҳам 100 АҚШ доллари ва 500 минг сўмни фирибгарлик йўли билан олгани аниқланган.
Хоразм вилоятида Урганч шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходими Ғ.А. фуқарога умумий овқатланиш шохобчасини очиш учун рухсатнома расмийлаштириб бериш ҳамда олти ой давомида жарима қўлланмаслигини ваъда қилиб, 2,4 миллион сўм олган вақтида қўлга олинган.
Наманган шаҳрида эса санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими шифокор ёрдамчиси А.С. фуқаро номига нодавлат мактабгача таълим муассасасини очиш учун ижобий хулоса расмийлаштириб бериш эвазига 1,2 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Қайд этилишича, мазкур шахс муқаддам судланган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 25, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






