Ўзбекистонда талаб этиладиган тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби белгиланмоқда.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида назарда тутилган. Мазкур ҳужжат 28 июль куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, Ҳукуматнинг 2021 йил 19 майдаги “Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сон қарорига қўшимча норма киритилиши режалаштирилмоқда.
Унга мувофиқ, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчиларидан талаб этиладиган тегишли сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкин.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 2026 йил 12 августга қадар давом этади.
Қайд этилишича, хорижий тил ўқитувчилари учун B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиш талаби дастлаб 2024–2025 ўқув йилига қадар белгиланган эди. Бироқ педагоглар ва жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари асосида ушбу муддат бир неча бор узайтирилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғи билан хорижий тил фани ўқитувчиларининг лавозим малака талабларига камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатга эга бўлиш талаби киритилган.
Аввалроқ умумтаълим мактабларида ишлаётган хорижий тил ўқитувчилари учун мазкур сертификатни олиш муддати 2026–2027 ўқув йили бошига қадар узайтирилгани маълум қилинган эди.






