АсосийЖАМИЯТ

Ҳокимларнинг сув тарифларини белгилаш ваколати ҳукуматга ўтказилади

Бундан ташқари, замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатмаган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари Бош прокуратура назоратига олинади.

'Ҳокимларнинг сув тарифларини белгилаш ваколати ҳукуматга ўтказилади'ning rasmi

Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати ҳокимликлардан олиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига берилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 24 июль куни имзолаган “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–140-сонли фармонида белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан “Ўзсувтаъминот” АЖ тасарруфига ўтказиладиган барча ичимлик суви ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари “Дастурларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва манзилли рўйхатларни келишишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими” электрон платформаси орқали юритилади.

Шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда унинг тизимидаги корхоналар ўртасида малака ошириш, ўқитиш ва эксплуатацияга оид шартномавий муносабатлар тўғридан-тўғри ташкил этилади.

Фармон билан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида амалга ошириладиган янги лойиҳаларга халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз ва грант маблағларини олдиндан харид, ретроактив ва бошқа молиялаштириш механизмлари орқали жалб қилиш тартиби ҳам белгиланди.

2027 йил 1 январдан иқтисодий жиҳатдан самарасиз ёки марказлашган ичимлик суви тармоғини барпо этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳудудларда аҳолига хизмат кўрсатиш алоҳида ёндашув асосида йўлга қўйилади. Бунда махсус техникалар орқали сув етказиб бериш, сув шохобчаларини ташкил этиш каби усуллар қўлланилади.

Фармонга кўра, 2027 йилдан республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда ичимлик сувини тежаш ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатиш кўрсаткичлари ҳам инобатга олинади.

Бундан ташқари, замонавий сув ҳисоблагичларини ўрнатмаган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари Бош прокуратура назоратига олинади.

Яна бир муҳим янгилик сифатида, 2027 йил 1 апрелдан бошлаб республикадаги барча бюджет ташкилотлари учун ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари бўйича ягона тарифлар жорий этилади. Шу билан бирга, ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари бўйича алоҳида ҳисоб-китоб тизими йўлга қўйилади.

Фармон билан ҳар йили март ойи “Сувни тежаш ойлиги” деб эълон қилиниб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сувни қадрлаш маданиятини оммалаштиришга қаратилган кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилиши ҳам белгиланди.

    Бошқа янгиликлар

    Ҳокимларнинг сув тарифларини белгилаш ваколати ҳукуматга ўтказилади - Darakchi.uz