АсосийЖАМИЯТ

Нукусда 50 йиллик қозонхона ўрнига замонавий энергия мажмуаси қурилади

Нукусдаги эски қозонхона когенерация технологиялари асосида янгиланади

'Нукусда 50 йиллик қозонхона ўрнига замонавий энергия мажмуаси қурилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги марказий қозонхонани когенерация технологиялари асосида модернизация қилиш лойиҳаси тақдимоти билан танишди.

Куз-қиш мавсумида аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ҳамда сифатли иссиқлик энергияси билан таъминлаш, шунингдек, соҳада энергия тежамкор технологияларни жорий этиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Маълум қилинишича, ҳозирда Нукус шаҳридаги 47 та кўп қаватли уй марказий иситиш тизимига уланган. Яна 270 та уй локал иситиш тизими орқали иситилмоқда. Қолган кўп қаватли уйларда эса хонадонлар турли қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланмоқда.

Мазкур усуллар нафақат ортиқча энергия сарфига олиб келади, балки инсонлар саломатлиги ва хавфсизлиги учун ҳам муайян хавф туғдиради.

Нукус шаҳридаги амалдаги марказий қозонхона 1976 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда асосан ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатмоқда. Қозонхона ускуналари маънан ва жисмонан эскиргани сабабли унинг энергия самарадорлиги паст даражада қолмоқда.

Ҳозирги тизимда 1 гигакалория иссиқлик ишлаб чиқариш учун қарийб 153 куб метр табиий газ ва 30 киловатт-соат электр энергияси сарфланмоқда. Қозонхонанинг амалдаги қуввати эса соатига 1,6 гигакалорияни ташкил этади.

Тақдимотда ушбу объектни давлат-хусусий шериклик асосида замонавий когенерация технологиялари билан модернизация қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Когенерация технологияси бир манба ёқилғидан бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу эса ресурслардан самарали фойдаланиш, харажатларни камайтириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни қисқартиришга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида соатига 34,4 гигакалория иссиқлик ва 21,5 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқара оладиган замонавий мажмуа барпо этилади.

Шунингдек, 28 километрлик иссиқлик тармоқлари қурилади, 189 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади. Кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий объектларнинг ички иситиш тизимлари тикланади.

Биринчи босқичда 136 та кўп қаватли уйдаги қарийб 6 минг хонадон, яъни 23 минг нафар аҳоли ва 40 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади.

Кейинги босқичларда Нукус шаҳридаги барча кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектларни ягона марказлашган иситиш тизимига улаш режалаштирилган.

Лойиҳанинг биринчи босқичи учун 20 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилади. Янги мажмуани 2028 йил февраль ойида тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган.

Модернизация натижасида қозонхонанинг фойдали иш коэффициенти 80 фоиздан 91 фоизгача ошади. Иссиқлик ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли кўпайиб, йилига 172 минг мегаватт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, йилига 12,2 миллион куб метр табиий газ тежалиши, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдорининг камайиши кутилмоқда.

Янги мажмуа ишга туширилиши билан 19 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, соҳа мутахассисларининг замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича малакаси оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳани амалга оширишда аҳоли учун барқарор, хавфсиз ва сифатли иссиқлик таъминотини таъминлаш, қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифатда якунлаш муҳимлигини таъкидлади.

Масъулларга лойиҳа ижросини самарали ташкил этиш, инфратузилма масалаларини ўз вақтида ҳал қилиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Нукус тажрибаси асосида келгусида Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Зарафшон шаҳарларидаги қозонхоналарни ҳам когенерация ва тригенерация технологиялари асосида модернизация қилиш имкониятлари кўриб чиқилади.

    Бошқа янгиликлар

    Нукусда 50 йиллик қозонхона ўрнига замонавий энергия мажмуаси қурилади - Darakchi.uz