АсосийЖАМИЯТ

1 августдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

Янги тартиблар, тақиқлар ва имтиёзлар кучга киради.

'1 августдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?'ning rasmi

2026 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистонда иқтисодиёт, тадбиркорлик, экология, суд-ҳуқуқ, солиқ ва транспорт соҳаларини қамраб олган қатор муҳим ўзгаришлар кучга киради. Янги тартиблар аҳоли, тадбиркорлар ҳамда давлат идоралари фаолиятига бевосита таъсир кўрсатади.

Тошкент атрофидаги иссиқхоналарга газ етказиб бериш тўхтатилади

Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналарга 1 августдан бошлаб табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади. Шунингдек, мазкур иссиқхоналар билан тузилган амалдаги газ таъминоти шартномалари бекор қилинади.

Бундан ташқари, ушбу ҳудудлардаги иссиқхоналар учун сув ресурсларидан фойдаланиш солиғи саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори ставкадан беш баробар юқори миқдорда ҳисобланади. Агар уларда кўмир, шина, мазут, резина ёки синтетик картон каби ҳавони ифлослантирувчи материаллар ёқилса, компенсация тўловлари 20 баробар оширилган ҳолда ундирилади.

Тадбиркорлар учун "Бизнес ҳимоя" QR-коди жорий этилади

1 августдан давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган барча текширувлар "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлади.

Шу билан бирга, «Бизнес ҳимоя» QR-коди амалиётга киритилади. Назорат органи ходими текширувни бошлашдан аввал ушбу QR-кодни сканер қилиши мажбурий ҳисобланади.

Қоғоз шаклидаги текширувлар рўйхатга олиш китоби ҳамда хизмат гувоҳномасини қоғоз кўринишида тақдим этиш амалиёти бекор қилинади. Агар текширув ахборот тизимида қайд этилмаган бўлса, тадбиркор мансабдор шахсни ҳудудига киритмаслик ҳуқуқига эга бўлади.

Меҳнат низоларини алоҳида судьялар кўриб чиқади

Эндиликда фуқаролик ишлари бўйича судларда фақат меҳнат низоларини кўриб чиқишга ихтисослашган судьялар фаолият юритади.

Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тўрт нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида уч нафардан судья ажратилади. Шунингдек, Нукус, Бухоро, Жиззах, Қарши, Наманган, Термиз, Фарғона ва Урганч туманлараро судларида ҳам ихтисослашган судьялар иш бошлайди.

1 августдан кейин судларга келиб тушадиган меҳнат низоларига оид ишлар фақат ушбу судьялар ўртасида тақсимланади.

Камёб ҳайвонларни овлашга мораторий жорий этилади

2028 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистонда йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган 66 турдаги ёввойи ҳайвонларни овлаш тақиқланади.

Мораторий қоплон, қор қоплони, Туркистон силовсини, Бухоро буғуси, бўрсиқ, жайра ва бошқа ноёб ҳайвонларга татбиқ этилади.

Мазкур чеклов махсус фермалар, питомниклар, инкубаторлар ҳамда илмий ва тиббий мақсадларда парвариш қилинаётган ҳайвонларга нисбатан қўлланмайди.

Хавфсизлик қоидалари бузилгани ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги қоидабузарликлар ҳақида фото ёки видео орқали хабар берган фуқароларга пул мукофоти тўланади.

Мукофот миқдори ҳуқуқбузардан ундирилган жариманинг 20 фоизини ташкил этади. Бунда тақдим этилган материалларда ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақт аниқ кўрсатилиши талаб этилади.

Солиқ органлари фаолияти махсус индекс орқали баҳоланади

1 августдан солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади.

Мазкур тизим орқали солиқ тўловчилар хизматлар сифати, уларнинг қулайлиги, солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланадиган вақт ҳамда солиқ идоралари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини баҳолай олади.

Фитосанитар назоратда жамоатчи инспекторлар иш бошлайди

Мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини енгиллаштириш мақсадида фитосанитар назорат тизимида жамоатчи инспекторлар институти жорий этилади.

Шунингдек, "Е-Фитоуз" электрон портали орқали карантин назорати хавфларни баҳолаш асосида автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Тошкент — Измир ўртасида тўғридан-тўғри рейслар очилади

Туркиянинг "SunExpress" авиакомпанияси 1 августдан бошлаб Измир — Тошкент — Измир йўналишида мунтазам парвозларни йўлга қўяди.

Рейслар ҳафтасига тўрт марта "Boeing 737-800" самолётларида амалга оширилиши режалаштирилган.

Яна қандай ўзгаришлар кучга киради?

Шунингдек, 1 августдан бошлаб яна қатор янгиликлар амал қилади:

— жарима майдончаларидан транспорт воситаларини олиб чиқиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади ва рухсатномалар QR-код орқали расмийлаштирилади;

— Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги марказий шифохона ва кўп тармоқли марказий поликлиника шифокорларига ҳар ой 2 миллион сўм миқдорида қўшимча устама тўланади;

— сув тежовчи технологиялар жорий қилинган саноатлашган боғдорчилик хўжаликлари учун қудуқ сувидан фойдаланиш солиғи беш йил давомида 1 сўм этиб белгиланади;

— давлат архивлари фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади, архив ҳужжатлари ягона электрон ахборот тизими орқали юритилади;

— 2030 йилнинг 1 августига қадар балиқчилик хўжаликлари давлат бюджети ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватланади.

    Бошқа янгиликлар

    1 августдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради? - Darakchi.uz