Эрон АҚШ ва Исроил билан юз берган қуролли тўқнашувлардан кейин ҳаво мудофаа тизимини қайта тиклаш мақсадида Хитойда ишлаб чиқарилган елкада олиб юриладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуаларининг илк партиясини қабул қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, қиймати 60–70 миллион долларга баҳоланаётган шартнома доирасида Эрон 300–400 дона MANPADS туридаги ҳаво мудофаа мажмуаларини, жумладан QW-12 ва FN-16 русумларини харид қилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур келишув Теҳроннинг АҚШ ва Исроил билан уруш бошланганидан буён қисқа масофали ҳаво мудофаа имкониятларини кучайтириш бўйича амалга ошираётган энг йирик ташаббусларидан бири ҳисобланади.
Маълум бўлишича, шартнома Гонконгда рўйхатдан ўтган Zhongqing Baoshang International Investment компанияси орқали тузилган. У Эрон томони ва хитойлик етказиб берувчи ўртасида воситачи вазифасини бажарган.
Reuters суҳбатлашган манбаларнинг айтишича, АҚШ ва Исроил томонидан ракета, дрон ҳамда ҳаво мудофаа тизимлари билан боғлиқ объектларга берилган зарбалар Эроннинг ҳарбий инфратузилмасидаги заиф нуқталарни кўрсатиб берган. Шу боис Теҳрон қуролланиш салоҳиятини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабар юзасидан изоҳ бермаган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса маълумотларни рад этиб, бу хабарлар "мутлақо асоссиз" эканини билдирган. Пекин ҳар қандай можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлаган.
Манбаларнинг қайд этишича, шартнома имзоланган бўлса-да, етказиб бериш муддати, аниқ миқдори ва техник жиҳатлар ўзгариши мумкин. Дастлабки режага кўра, қуроллар Хитойнинг Урумчи шаҳри орқали жўнатилади ва Покистон ҳудуди орқали Эронга етказилади.
Бироқ ташиш ҳаво ёки қуруқлик йўли билан амалга оширилиши ҳозирча маълум эмас.
Покистон армиясининг Жамоатчилик билан алоқалар хизмати (ISPR) мамлакат Хитойдан Эронга ҳаво мудофаа қуролларини етказиб беришда иштирок этаётгани ҳақидаги хабарларни "бутунлай тўқима ва ёлғон" деб атаган.
Ҳарбий таҳлилчилар фикрича, MANPADS туридаги тизимлар кичик бўлинмалар томонидан тез жойлаштирилиши ва осон кўчирилиши мумкин. Шу сабабли улар стационар ҳаво мудофаа батареяларига нисбатан аниқ нишонли ҳужумларга камроқ мойил ҳисобланади.
Reuters манбаларига кўра, Эрон QW-12, QW-18 ва QW-19 русумли мажмуаларни сотиб олиш имкониятларини ҳам ўрганган. Шунингдек, Теҳрон Хитой ҳарбий маҳсулотлари ва икки хил мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган бутловчи қисмларни етказиб бериш учун қуруқлик йўналишларидан фойдаланиш масаласини ҳам муҳокама қилган.






