Жиззах шаҳридаги йирик текстил корхонасида 2022-йилдан буён содир этиб келинган ўғрилик ҳолати фош этилди. Жиноятни корхонада қоровул бўлиб ишлаган шахс содир этгани аниқланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, корхона хўжалик мудири Ички ишлар органларининг 112 ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилиб, 2022-йилдан буён корхона ҳудудидан 91 дона электр генератори ва тикув машиналари ўғирланганини маълум қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилар мис кабелларини олиш мақсадида бинога деворни бузиб кириш орқали кирган.
Мурожаат асосида Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан кенг қамровли тадбирлар ўтказилган. Корхонада турли вақтларда қоровул бўлиб ишлаган шахслар текширилиб, видеокузатув камералари ёзувлари ҳамда бошқа тезкор маълумотлар таҳлил қилинган.
Таҳлиллар натижасида Сирдарё вилояти давлат рақамига эга бўлган автомашиналар айрим кунлари кечки вақтда корхона ҳудудига кириб, тонгга яқин чиқиб кетгани аниқланган.
Ушбу ҳолатлар Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшовчи қоровул навбатчилик қилган кунларга тўғри келган. Тезкор тадбирлар давомида қоровул ўз маҳалладошини навбатчилик вақтида корхонага чақириб, электр генераторлари ва тикув машиналарини олиб чиқиб кетгани маълум бўлган.
Шунингдек, мазкур мулкларни ташишда яна икки нафар маҳалладоши иштирок этгани аниқланган.
Суриштирувлар давомида ўғирланган электр генераторлари, тикув машиналари ҳамда мис кабеллари Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи металлолом қабул қилиш билан шуғулланувчи шахсга сотилгани маълум бўлган.
Тезкор тадбирлар натижасида ундан 4 та электр генератори ва 7 та тикув машинаси ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда Жиззах вилояти ва шаҳар Ички ишлар бошқармалари ходимлари томонидан мазкур шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш бўйича терговга қадар текширув ва тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.






