Тошкент шаҳрида марказий кўчалар, майдонлар ва яшил ҳудудларни ободонлаштириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 21,48 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, маблағларнинг 11,95 миллиард сўми марказий ва энг муҳим кўчаларга экиладиган мавсумий гуллар ҳамда манзарали буталарни харид қилишга йўналтирилади.
Шунингдек, Марказий майдонларни кўкаламзорлаштириш бошқармасига 2,15 миллиард сўм, давлат объектлари ҳудудларини ободонлаштириш билан шуғулланувчи бошқармага эса 900 миллион сўм ажратилади.
Муҳим кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун яна 3,8 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган. Ушбу маблағлар маҳаллий бюджет даромадлари режасининг иккинчи чорак якунлари бўйича ошириб бажарилган қисми ҳисобидан молиялаштирилади.
Бундан ташқари, ажратилган маблағларнинг бир қисми ижтимоий соҳага йўналтирилади. Жумладан, Тошкент туризм ва меҳмонхона менежменти техникуми учун асбоб-ускуналар харид қилишга 248 миллион сўм, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 40,4 миллион сўм ажратилади.
Шу билан бирга, 2,39 миллиард сўм "Билим" ахборот-кутубхона маркази биноси ва унинг ички хоналарини капитал таъмирлаш ишларига сарфланади.






