Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июль куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Қирғизистонга жўнаб кетди.
Давлат раҳбари ташриф доирасида Чўлпонота шаҳрида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказади. Учрашувларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон етакчиларининг норасмий Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади.
Мазкур тадбир давомида минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-коммуникация, энергетика ҳамда бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилиши режалаштирилган.






