АсосийЖАМИЯТ

Тошкентдаги "Чорсу", "Ўрикзор", "Қўйлиқ" ва яна ўнлаб бозорлар сотувга қўйилади

Тошкент шаҳридаги 35 та бозор, савдо комплекси ҳамда уларнинг шохобчалари оммавий савдоларга чиқарилади.

'Тошкентдаги "Чорсу", "Ўрикзор", "Қўйлиқ" ва яна ўнлаб бозорлар сотувга қўйилади'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги 35 та бозор, савдо комплекси ҳамда уларнинг шохобчалари оммавий савдоларга чиқарилади. Бу Ўзбекистон Президентининг "Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, оммавий савдоларда буюртмачи сифатида "Тошкент инвест компанияси" акциядорлик жамияти иштирок этади. Компания ҳар бир объект бўйича тайёр бизнес лойиҳасини ишлаб чиқади ва шу асосда уларни савдога чиқаради.

Шунингдек, бозорларни сотишдан тушган маблағнинг 1 фоизи ҳамда савдога чиқариш билан боғлиқ харажатлар мазкур компанияга йўналтирилади.

Қарорга мувофиқ, бозор ва савдо комплекслари ўрнида замонавий экобозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, кўнгилочар марказлар ҳамда кўп қаватли автотураргоҳлар барпо этилиши шарт қилиб белгиланган.

Оммавий савдога чиқариладиган объектлар орасида "Чорсу" деҳқон бозори, "Ўрикзор" савдо комплекси, "Қўйлиқ" деҳқон бозори, "Сергели" деҳқон бозори, "Янгиобод" ихтисослашган бозори, "Паркент" универсал савдо комплекси, "Чилонзор" буюм савдо комплекси, "Қорақамиш", "Авиасозлар", "Фарҳод", "Наврўз" деҳқон бозорлари ҳамда уларнинг қатор шохобчалари бор.

Бундан ташқари, ҳужжатда Тошкент шаҳридаги бошқа деҳқон бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари, уларнинг шохобчалари ҳамда бўш турган майдонлари ҳам тасдиқланадиган мастер-режалар ва белгиланадиган шартлар асосида баҳоланган қийматда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши назарда тутилган.

    Бошқа янгиликлар