Давлат раҳбари ўз табригида Ўзбекистонда қарор топган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлик халқнинг энг катта бойликларидан бири эканини таъкидлади.
"Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандлари каби аҳил ва иноқ яшаб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда", — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда "Бизнинг кучимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда" ғояси асосида Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос модели шаклланганини қайд этди.
Унинг таъкидлашича, бугун мамлакатда 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, турли байрамлар, фестиваллар ва маърифий тадбирлар ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган.
Президент Ўзбекистонда таълим жараёнлари етти тилда олиб борилаётгани, телерадиоканалларда 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилаётгани, 14 тилда газета ва журналлар чоп этилаётганини маълум қилди.
Шунингдек, давлат раҳбари турли миллат вакиллари орасидан етишиб чиққан депутатлар, сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият, санъат, спорт ҳамда бизнес соҳаси вакилларининг мамлакат ривожига қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Табрикда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Президент қўшни мамлакатлар билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев санъат ва маданият халқларни яқинлаштирувчи муҳим восита эканини қайд этиб, мамлакатда турли миллат вакилларидан таркиб топадиган профессионал "Дўстлик" ансамблини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
"Халқлар дўстлиги — бу муқаддас инсоний қадрият, тинч, эркин ва фаровон ҳаёт гаровидир", — дея таъкидлади Президент.
Давлат раҳбари барча юртдошларни Халқлар дўстлиги куни билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва мамлакат равнақи йўлидаги ишларида улкан зафарлар тилади.






