АсосийЖАМИЯТ

Наманганда яширин омборхонадан қарийб 1,5 миллиард сўмлик дори воситалари мусодара қилинди

Ҳозирда мазкур дори воситалари юзасидан экспертиза тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

'Наманганда яширин омборхонадан қарийб 1,5 миллиард сўмлик дори воситалари мусодара қилинди'ning rasmi

Наманган шаҳридаги хонадонлардан бирида ташкил этилган яширин омборхонадан 1,4 миллиард сўмлик, тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Наманган шаҳрида яшовчи, 2003 йилда туғилган шахснинг яшаш манзили кўздан кечирилган. Текширув чоғида хонадондаги яширин омборхонадан хорижда ишлаб чиқарилган, бироқ тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган “Ортофен”, “Нейрокс”, “Тирозол”, “Сиофор” ҳамда бошқа номдаги жами 28 турдаги 28 минг 928 дона дори воситаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Маълум қилинишича, мамлакат ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ушбу дори воситаларининг тахминий қиймати 1,4 миллиард сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур дори воситалари юзасидан экспертиза тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролардан шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда, идоранинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришни сўради. Қайд этилишича, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

    Бошқа янгиликлар

    Наманганда яширин омборхонадан қарийб 1,5 миллиард сўмлик дори воситалари мусодара қилинди - Darakchi.uz