Бугун, 31 июль куни Ўзбекистоннинг беш ҳудудида кучли шамол эсиши ва айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Ўзгидромет" хабар берди.
Маълум қилинишича, кундузи Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида шамол тезлиги сониясига 13–18 метргача кучаяди. Шу билан бирга, мазкур ҳудудларда айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Мутасаддилар аҳолидан кучли шамол ва чанг-тўзон вақтида эҳтиёткорлик чораларига амал қилишни, зарурат бўлмаса, очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмасликни тавсия этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзгидромет" аввалроқ август ойи Ўзбекистонда қуруқ ва нисбатан иссиқ об-ҳаво билан бошланишини маълум қилган эди. Прогнозга кўра, ойнинг дастлабки кунларида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 43 даражагача кўтарилиши, шундан сўнг эса ҳарорат 3–5 даражага пасайиши кутилмоқда.






