2026 йил бошидан буён Тошкент шаҳри автобусларида чиптасиз ҳаракатланган 79,6 минг нафар йўловчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шундан 10,5 мингта ҳолат июль ойида қайд этилган. Чиптасиз йўл ҳақи тўламасдан ҳаракатланганлик учун жарима миқдори 41,2 минг сўмни ташкил этади.
Йил бошидан бери ундирилган жарималар суммаси қарийб 2 миллиард сўмга етган. Июль ойида эса 234,6 миллион сўм жарима ундирилган.
Назорат тадбирлари Тошкент шаҳридаги йўловчи ташиш хизматларини мониторинг ва назорат қилиш ташкилоти ходимлари томонидан ўтказилмоқда. Жорий йил январь ойидан буён пойтахтдаги 82 та автобус йўналишида рейдлар амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, чиптасиз йўловчиларни маъмурий жавобгарликка тортиш амалиёти 2025 йил 14 мартдан бошланган.






