Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистоннинг хорижлик сайёҳлар учун Марказий Осиё давлатлари бўйлаб саёҳат қилиш имконини берувчи ягона туристик виза жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашуви якунлари бўйича маълум қилди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, минтақада туризм салоҳиятини янада ошириш, сайёҳлар учун қулайликлар яратиш ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ягона туристик виза тизимини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.
У мазкур ташаббус Марказий Осиёнинг барча давлатлари томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирган.
Агар ягона туристик виза жорий этилса, хорижлик сайёҳлар ҳар бир давлат учун алоҳида виза олиш ўрнига битта рухсатнома орқали минтақа мамлакатларига саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади.
Янги тизим Марказий Осиёни ягона туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва минтақанинг тарихий ҳамда маданий объектларига қизиқишни оширишга хизмат қилиши мумкин.






