АсосийЖИНОЯТ

Мирободдаги болалар майдончаси ўрнидаги қурилиш бўйича жиноят иши очилди

Ҳолат бўйича бир қатор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилардан бири ушланган.

'Мирободдаги болалар майдончаси ўрнидаги қурилиш бўйича жиноят иши очилди'ning rasmi

Тошкент шаҳри Миробод туманида болалар майдончаси ва спорт ўйингоҳлари ўрнида амалга оширилган қурилиш ишлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Туман прокуратураси маълумотига кўра, ўрганишлар давомида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди балансида бўлган ҳудуд кейинчалик "Al-Latif Hearts Tower" МЧЖ тасарруфига ўтказилгани аниқланган. Ушбу ҳудудда реконструкция ва қўшимча бинолар қуриш учун рухсат ҳужжатлари расмийлаштирилган.

Бироқ "Лолазор" маҳалласи аҳолиси мазкур жойда янги бино қурилишига қарши чиққан. Шунингдек, фонд ва инвестор ўртасидаги инвестиция шартномаси бекор қилинган.

Шунга қарамай, 2026 йил июнь ойида фонд балансидаги 172 квадрат метр майдондаги бино бузиб ташланган. Терговга қадар текширувда ушбу ҳолат давлат манфаатларига жиддий зарар етказгани аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича 27 июль куни "Al-Latif Hearts Tower" МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан иш қўзғатилган.

Шунингдек, жамиятнинг норасмий раҳбари сифатида кўрсатилган Асилбек Икромов гумонланувчи сифатида процессуал тартибда ушланган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда болалар майдончасини тиклаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева мазкур ҳолат бўйича муносабат билдириб, текширувлар давомида қонунбузарликлар аниқланса, масъулларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилишини таъкидлаган эди.

    Бошқа янгиликлар