АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши режалаштирилган зарбаларни, агар Теҳрон билан тез орада келишувга эришилса, бекор қилганини маълум қилди.
Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги баёнотида ҳужумни "тезкор келишув тузиш имконияти сақланиб қолиши шарти билан" тўхтатганини ёзди. Унинг сўзларига кўра, келишув Эрон ядровий таҳдидини бартараф этиш ва Ҳурмуз бўғозини зудлик билан очишни ўз ичига олиши керак.
АҚШ президенти қарор Исроил билан биргаликда қабул қилинганини айтди. Бу баёнот АҚШ Эронга қарши янги ва кучли зарбалар беришни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар фонида янгради.
Трамп АҚШ ҳарбий кучлари Эронга қарши "Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг юқори даражада" тайёр ҳолатга келтирилганини таъкидлади. Бироқ унинг айтишича, Эрон ва Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар музокараларга имконият бериш учун ҳужумни тўхтатишни сўраган.
У томонлар келишувнинг асосий шартлари бўйича келишиб олганини билдирган. Эрон томони ҳозирча Трамп баёнотига расмий муносабат билдирмаган.
Аввалроқ АҚШ ҳукумати Яқин Шарқда бўлган америкаликларни эҳтиёткор бўлишга ва вазият кескинлашса, ҳудудни тарк этишга тайёр туришга чақирган эди. Расмийлар авиақатновлар бекор қилиниши, ҳаво ҳудудлари ёпилиши ва сафарларда узилишлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.






