АсосийЖАМИЯТ

Фарғонада ЙПХ инспектори хизмат вақтида автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди

Ҳодиса юзасидан белгиланган тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.

'Фарғонада ЙПХ инспектори хизмат вақтида автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди'ning rasmi

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида хизмат вазифасини бажараётган Йўл-патруль хизмати инспектори автомобиль уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилишича, ҳодиса 2026 йил 31 июль куни соат тахминан 23:30 да Ўзбекистон тумани “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи 40V064 автомобиль йўлининг 20-километрида содир бўлган.

Қайд этилишича, 1996 йилда туғилган ҳайдовчи А.Э. маст ҳолда “Spark” русумли автомашинани бошқариб келаётган вақтида тунги хизматда бўлган Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди 3-сафарбар гуруҳи катта инспектори, сержант Хайитбек Каримжоновнинг транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган.

Шундан сўнг ҳайдовчи инспекторни уриб юборган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган Хайитбек Каримжонов шифохонага олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, у жонлантириш бўлимида вафот этган.

Маълум қилинишича, сержант Хайитбек Каримжонов 2022 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келган. Унинг ортидан онаси, турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди қолган.

Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум ходимнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.

Ҳодиса юзасидан белгиланган тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Фарғонада ЙПХ инспектори хизмат вақтида автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди - Darakchi.uz