Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган шахслар учун жазо чоралари кучайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, 2026 йил 28 июндан бошлаб мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни оширувчи қонунчилик нормалари кучга кирган.
Янги тартибга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган шахсларга нисбатан маъмурий жарималар миқдори икки баравар оширилган. Шунингдек, бундай ҳуқуқбузарлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
Қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқбузарликни такроран содир этган шахслар эса жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳатто озодликдан маҳрум қилиш жазосига дуч келиши мумкин.
Саида Мирзиёева бу каби чоралар нафақат қонунбузарларни жазолаш, балки жамиятда меҳр-оқибат, масъулият ва тирик мавжудотларга ҳурмат туйғуларини шакллантиришга хизмат қилишини қайд этди.
"Барчамиз зўравонликка муросасиз муносабатда бўлсаккина, жамиятимизда хавфсизлик ҳукм суриши мумкин. Аллоҳ яратган ҳар бир мавжудотнинг қадри бор", — деди у.
Президент администрацияси раҳбари, шунингдек, болаларда ҳайвонларга нисбатан меҳр ва шафқат туйғусини шакллантиришда ота-оналарнинг ўрни катта эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фарзандларга куч ишлатиш ёки зўравонликни устунлик сифатида кўрсатиш нотўғри эканини ёшликдан тушунтириш зарур.






