АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда 9 қаватли уй ёнидаги котлован ўпирилиши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳри Олмазор туманида 9 қаватли уй ёнида меҳмонхона қурилиши учун қазилган котлован чети ўпирилиши юзасидан жиноят иши очилди.

'Тошкентда 9 қаватли уй ёнидаги котлован ўпирилиши бўйича жиноят иши қўзғатилди'ning rasmi

Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Darakchi.uz сўровига кўра маълум қилди.

Маълум бўлишича, ҳодиса 2 август куни Олмазор туманидаги “Орзу” массиви, 3-уй манзилида жойлашган қурилиш объектида содир бўлган.

Аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги котлован ўпирилиши пудрат ташкилоти томонидан қазиш ишларини амалга ошириш жараёнида йўл қўйилган эҳтиётсизлик оқибатида юзага келганини маълум қилганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳодиса вақтида электр кабели шикастлангани, ёнғин чиққан ва айрим ишчилар жароҳатлангани акс этган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро жабрланган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган. Бош прокуратура ахборотида эса жабрланган шахс ҳозирда шифохонада даволанаётгани айтилган.

Терговга қадар текширув давомида қурилиш ишларига масъул бўлган МЧЖ мансабдор шахсларининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ҳамда 192¹¹-моддасида (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари аниқланган.

Шу муносабат билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши, шаҳарсозлик қонунчилиги ва қурилиш меъёрларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда 9 қаватли уй ёнидаги котлован ўпирилиши бўйича жиноят иши қўзғатилди - Darakchi.uz