АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда уйсиз фуқаролар учун янги тизим жорий этилади

Aйни пайтда республика бўйича 726 ўринга мўлжалланган 11 та реабилитация маркази фаолият юритмоқда.

'Ўзбекистонда уйсиз фуқаролар учун янги тизим жорий этилади'ning rasmi

Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган таклифлар муҳокамаси чоғида маълум қилинди.

Қайд этилишича, айни пайтда республика бўйича 726 ўринга мўлжалланган 11 та реабилитация маркази фаолият юритмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида мазкур муассасаларга 1,1 минг нафар фуқаро жойлаштирилган.

Янги таклифларга кўра, мавжуд реабилитация муассасалари вақтинча жойлаштириш ва ижтимоий реинтеграция марказларига айлантирилади. Уйсиз фуқаролар ушбу марказларга ўз мурожаатига асосан, "маҳалла еттилиги"нинг ўрганиши натижаларига кўра ёки ижтимоий ходим ҳамда профилактика инспектори кўмагида жойлаштирилади.

Ҳар бир шахс учун алоҳида ижтимоий реинтеграция режаси ишлаб чиқилади. Унда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклаш, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш каби чора-тадбирлар назарда тутилади.

Шунингдек, марказлар ҳузурида аҳоли бандлигига кўмаклашувчи бўлинмалар ташкил этилади. Бўш турган бинолар эса имтиёзли шартларда тадбиркорларга ижарага берилиши белгиланмоқда.

Таклифларга мувофиқ, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга касб-ҳунар ўрганиши учун ваучерлар ажратиш, уларни ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар рўйхатига киритиш ҳамда улар учун алоҳида иш ўринларини захира қилиш ҳам режалаштирилган.

Бундан ташқари, давлат ижтимоий буюртмаси асосида хусусий ташкилотлар ҳам вақтинча бошпана, иссиқ овқат, кийим-кечак ва бошқа ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига жалб этилади.

    Бошқа янгиликлар

    Ўзбекистонда уйсиз фуқаролар учун янги тизим жорий этилади - Darakchi.uz