Бугун, 4 август куни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари бўйича департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Азимов, шаҳар бошқармалари, тегишли идоралар ҳамда Чилонзор тумани ҳокимлиги раҳбарлари билан биргаликда туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, ўрганишлар давомида жамоат ҳудудларини ноқонуний қурилмалардан тозалаш, ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, мутасаддилар Қатортол кўчаси ва бозори ҳудудида бўлиб, узоқ йиллар давомида пиёдалар йўлагини эгаллаб келган ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларни демонтаж қилиш ишларини кўздан кечирди. Таъкидланишича, мазкур қурилмалар туфайли фуқаролар кўп ҳолларда автомобиллар қатнов қисми орқали ҳаракатланишга мажбур бўлган.
Расмийларга кўра, амалга оширилаётган ишлар пиёдалар учун хавфсиз ва қулай шароит яратишга қаратилган. Йўлаклар, аввало, болалар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачаси билан ҳаракатланувчи ота-оналар ҳамда шаҳар бўйлаб пиёда юрадиган барча фуқаролар учун мўлжалланган.
Шунингдек, ташриф давомида Зарқўрғон маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари, Навбаҳор маҳалласида электр таъминоти барқарорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда Лутфий маҳалласида жойлашган ГЭС-9 подстанциясидаги мавжуд муаммолар ҳам ўрганилди.
Қайд этилишича, ушбу ишлардан кўзланган асосий мақсад пойтахтни ҳар бир фуқаро учун янада қулай, хавфсиз ва шинам шаҳарга айлантириш, жамоат жойларида қонуний тартибни таъминлаш ҳамда шаҳар инфратузилмасини изчил такомиллаштиришдан иборат.






