Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Туркияда қўлга олиниб, мамлакатга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, А.А. исмли шахс қарийб бир ярим йил давомида халқаро қидирувда бўлган. У Туркия ҳудудида яшириниб юрган вақтида аниқланиб, икки давлатнинг ваколатли идоралари ҳамкорлигида Ўзбекистонга топширилган.
Маълум қилинишича, мазкур шахсга нисбатан тергов ва суд жараёнларини давом эттириш мақсадида у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ихтиёрига ўтказилган.
Бош консулхонага кўра, Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик халқаро қидирувдаги шахсларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида изчил давом этмоқда.






