АсосийЖАМИЯТ

Шаҳрисабз тумани ҳокими хонадонда “тозалик рейди” ўтказдими?

Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг маҳаллалардан бирида хонадонларни ўрганиш жараёни акс этган видео кенг муҳокамага сабаб бўлди.

'Шаҳрисабз тумани ҳокими хонадонда “тозалик рейди” ўтказдими?'ning rasmi

Видеода туман ҳокими хонадонлардан бирига кириб, уй-жой ҳудудидаги санитария ҳолати, чиқиндилар ҳамда ҳовлидаги тартибсизликларни танқид қилгани акс этган.

Кадрларда Самад Ҳасанов хонадон эгасига яшаш жойини озода сақлаш, маиший чиқиндиларни белгиланган тартибда чиқариш ва ҳовлини обод ҳолатда сақлаш зарурлигини тушунтирган. Унинг таъкидлашича, ҳовлида тўпланиб қолган чиқиндилар ва қаровсизлик нафақат яшаш шароитига, балки атрофдагиларда ҳам салбий таассурот уйғотади.

“Бу хонадонга ташқаридан қараган одам уни ташлаб кетилган қабристон деб ўйлайди. Ўчоқ ёнида супуриндилар йиғилиб қолган. Дераза тагларига, уй атрофига қаранг. Ошхона ёнида ҳам чиқиндилар тартибсиз ташлаб қўйилган”, дейди ҳоким видеода.

Тасвирларда маҳалла раиси сифатида таништирилган аёл ҳам хонадон эгасини танқид қилиб, маҳалла фаоллари бир неча бор тозаликка риоя қилиш бўйича огоҳлантирганини айтган.

Шунингдек, Самад Ҳасанов хонадондаги тартибсизлик оиланинг турмуш тарзи ва келажагига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлаб, “Эртага шу рўзғорга нормал одам келин бермайди”, деган фикрни билдирган.

Видеонинг якунида ҳоким аниқланган камчиликлар юзасидан чора кўрилишини маълум қилиб, тегишли тартибда жарима қўлланилишини айтган.

“Ҳозир жаримани урасиз. Уй, ахлат — ҳаммаси учун. Менга биронтасидан илтимос қилди, кечирим сўради деган гап керак эмас”, дейди у.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ёки бошқа ваколатли идоралар расмий изоҳ бермаган.

Шу билан бирга, видеонинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши жамоатчилик ўртасида турлича муносабатларга сабаб бўлди. Хусусан, айрим фойдаланувчилар фуқаронинг видеотасвирга олиниб, оммага эълон қилинганини танқид қилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Шаҳрисабз тумани ҳокими хонадонда “тозалик рейди” ўтказдими? - Darakchi.uz