Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 5 август куни соат 02:19 да Олмазор тумани, Уста Ширин кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг 6-кириш йўлагидаги электр қутисида ёнғин келиб чиққан.
Хабар асосида қутқарув бўлинмалари соат 02:25 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 03:58 да тўлиқ бартараф этилган.
Қайд этилишича, ёнғин оқибатида 6-кириш йўлагидаги тахминан 60 погонометр майдондаги электр кабеллари ёниб, зарарланган.
Қутқарувчилар томонидан кўп қаватли уйдан 26 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Айни вақтда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.






