Россия қўшинлари бугун, 5 августга ўтар кечаси Украина пойтахти Киев шаҳри ва Киев вилоятига баллистик ракеталар ҳамда дронлар билан оммавий ҳужум уюштирди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлган, қарийб 50 нафар инсон жароҳат олган.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг 14 нафари вилоят ҳудудида қайд этилган. Улардан 9 нафари Бровари туманида, 4 нафари Буча туманида, яна бир нафари эса Фастив туманида вафот этган. Шунингдек, камида 22 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Ҳужум оқибатида Буча, Бровари ва Фастив туманларида катта вайронгарчиликлар юзага келган. Хусусан, Бровари туманида омборхоналар ва ишлаб чиқариш биноларига зарар етган. Буча ҳамда Фастив туманларида ҳам омбор бинолари шикастланган.
“Укрзалізниця” компанияси маълумотига кўра, Киев вилоятида ҳужум нишонларига айланган логистика марказлари яқинидаги темирйўл платформасида бўлган фуқаролар орасида ҳам қурбонлар бор.
Ҳужум Киев шаҳрининг ўзига ҳам уюштирилган. Шаҳар мэри Виталий Кличконинг билдиришича, пойтахтда бир киши ҳалок бўлган, яна 26 киши жароҳатланган. Уларнинг 16 нафари шифохонага ётқизилган бўлса, тўрт нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Шунингдек, Голосеев туманида хусусий турар жой ва омборхона вайрон бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, мазкур тумандаги нотурар жой ҳудудига берилган зарба оқибатида аммиак сизиб чиққани маълум қилинган.






