Тошкент шаҳрида чегара божхона пости инспектори пора олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Унда Тошкент шаҳар Божхона бошқармасининг "Келес" темир йўл чегара божхона пости инспектори О.С. фуқаро А.З.дан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тергов маълумотларига кўра, инспектор Республика ҳудудига айланма йўллар орқали олиб кирилган 10 дона iPhone русумли уяли телефонни бошқа фуқароларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда улар номига божхона ҳужжатларини расмийлаштириш ва қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиб беришни ваъда қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.






