Навоий вилоятининг Конимех туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Конимех тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Cobalt” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Текширув жараёнида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, 2002 йилда туғилган Қозоғистон Республикаси фуқаросига тегишли селлофан пакетдан 2 килограмм 87 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу гиёҳвандлик воситаси аввалроқ наркотик курьерлар томонидан қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилиб, махсус яширин жойга қолдирилган. Қозоғистонлик фуқаро эса уни ана шу хуфёна жойдан олиб кетишга уринган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси иккинчи қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда ушбу жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






