АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев чорвачиликни ривожлантириш бўйича янги дастурни кўриб чиқди

Тақдимотда қайд этилишича, мамлакатда аҳоли сони ва туристлар оқими ортиб бораётгани озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда.

'Мирзиёев чорвачиликни ривожлантириш бўйича янги дастурни кўриб чиқди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда қайд этилишича, мамлакатда аҳоли сони ва туристлар оқими ортиб бораётгани озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда гўштга бўлган йиллик эҳтиёж 2 миллион 150 минг тоннани ташкил этса, ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 600 минг тонна атрофида қолмоқда. Шу муносабат билан 2026–2028 йилларда соҳани жадал ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Режага кўра, фаолияти тўхтаб қолган 103 та чорвачилик корхонаси қайта тикланади. Уларга қарзларни реструктуризация қилиш, озуқа етиштириш учун ер ажратиш ва наслли чорва моллари билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бу орқали 33 минг бош қорамол парваришланиб, ҳар йили қўшимча 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Шунингдек, чорвачиликка ихтисослашган 13 та туманда озуқа базасини мустаҳкамлаш, кичик лойиҳаларни молиялаштириш, сут қабул қилиш пунктлари ва озуқа савдо шохобчаларини ташкил этиш режалаштирилган.

Аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли 11 мингта молхона қурилиб, уларда 421 минг бош қорамол парваришлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, умумий қиймати 3 триллион сўм бўлган 802 та инвестиция лойиҳаси доирасида 68 минг бошдан зиёд қорамол ҳамда 186 минг бош қўй ва эчки боқилади. Лойиҳалар амалга оширилиши натижасида ҳар йили қўшимча 20 минг тонна гўшт ва 120 минг тонна сут ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда Қорақалпоғистондаги чорвачилик комплекслари фаолияти сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилингани ҳам маълум қилинди. Ўрганилган 20 та комплекснинг қарздорлиги 109,6 миллиард сўмни ташкил этгани, уларнинг ярми юқори хавф тоифасига киритилгани қайд этилди. Шу муносабат билан қарз юкини камайтириш, озуқа базасини яратиш ва комплексларни босқичма-босқич қайта ишга тушириш таклиф қилинди.

Шунингдек, Мўғулистондан 150 минг бош қўй, Хитой ва Европа давлатларидан 100 минг бош наслли қорамол ҳамда Беларусь Республикасидан 2 минг бош мол импорт қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳисобдан йилига қўшимча 44 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Умуман олганда, чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун 463 миллион доллар маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Тақдимотда аҳоли хонадонларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, чорвачиликка ихтисослашган маҳаллаларда арзон чорва молларини етказиб бериш, сунъий уруғлантириш, ем-хашак таъминотини яхшилаш, ветеринария хизматлари сифатини ошириш ва наслдор бузоқлар учун субсидиялар ажратиш таклиф этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон чорвадорлар уюшмасини ташкил этиш ҳамда фермерлар учун "Smart Fermer" ягона рақамли платформасини ишга тушириш режаси кўриб чиқилди. Янги платформа орқали чорва молларини рўйхатдан ўтказиш, ветеринар чақириш, сунъий уруғлантириш хизматига буюртма бериш, субсидиялар учун мурожаат қилиш ва сунъий интеллект асосида маслаҳат олиш имконияти яратилади.

Паррандачилик соҳасида эса умумий қиймати 432 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш орқали 2028 йилга қадар қўшимча 100 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш, озуқа-ем қувватини 3,3 миллион тоннага етказиш ва замонавий сўйиш тизими қамровини 20 фоиздан 50 фоизгача ошириш мақсад қилинган.

Тақдимот якунида Президент лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, маблағларни манзилли йўналтириш, рақамли мониторинг тизимини жорий этиш ҳамда ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев чорвачиликни ривожлантириш бўйича янги дастурни кўриб чиқди - Darakchi.uz