Толиблар ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатда аёллар спорти деярли йўқ қилинган эди. Энди эса Афғонистон аёллар футбол терма жамоаси қарийб беш йиллик танаффусдан кейин Янги Зеландияда яна бирлашди ва халқаро майдонга қайтиш йўлида илк қадамни ташлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, жамоа футбол бўйича икки норасмий ўртоқлик учрашувини ўтказиш ва ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этиш учун Янги Зеландияга келган. Бу футболчиларнинг Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) жорий йил апрель ойида уларга келажакда Афғонистон номидан расмий мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқини берган қароридан кейинги илк йиғини ҳисобланади.

Бунга қадар аёллар терма жамоаси халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун Афғонистон футбол федерациясининг розилиги талаб этилар эди. Аммо 2021 йил августида Толиблар ҳокимиятни эгаллагач, мамлакатда аёллар ва қизлар учун кескин чекловлар жорий қилинди. Улар ўрта ва олий таълимдан, кўплаб касблардан ҳамда уюшган спорт турларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Афғонистон аёллар миллий терма жамоаси 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, Толиблар ҳокимиятга қайтгач, унинг аъзолари Австралия, Буюк Британия, Португалия ва бошқа давлатларга эвакуация қилинган. Кейинчалик узоқ йиллик саъй-ҳаракатлар натижасида қочқин футболчилардан иборат "Afghan Women United" жамоаси шакллантирилди. ФИФА қарори уларга Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати саралаш босқичларида иштирок этиш имкониятини очди.
Жамоа футболчиларидан бири Манож Нурийнинг айтишича, у Қобул кўчаларида ўғил болалар билан футбол ўйнаб катта бўлган. Оиласи, айниқса акаси буни маъқулламагани учун у узоқ вақт майдонга юзини ниқоб билан ёпган ҳолда чиққан.
"Телевидениеда чиққанимдан кейин акам ҳаммасини билиб қолди. У жуда қаттиқ ғазабланди. Онам эса йиғлаб, агар футболни ташламасам, оила моддий қийинчиликка дуч келишини айтди", дейди Нурий.
Шунга қарамай, у футболни тарк этмаган. Толиблар ҳокимиятга келганидан кейин Австралияга қочиб кетишидан аввал барча медаллари ва совринларини уйи ҳовлисига кўмиб кетган.
"Бир куни ватанига қайтиб, уларни яна қазиб оламан", дейди у.

Яна бир футболчи Мурсал Содатнинг таъкидлашича, агар футбол бўлмаганида, у ҳам миллионлаб афғон қизлари каби таълим олиш ва ўз келажагини танлаш имкониятисиз қолар эди.
Ҳимоячи Нажма Орифий эса ўсмирлик йилларида Ҳирот шаҳрида 45 даражадан юқори иссиқда машғулот ўтказганини эслайди. Унинг сўзларига кўра, қизларга доимо энг ноқулай машғулот вақтлари ажратилган. Шунга қарамай, унинг жамоаси мамлакат чемпионлигини қўлга киритган ва бу ғалаба Ҳиротда аёллар футболига муносабатни ўзгартирган.

"Шаҳар бўйлаб суратларимиз туширилган баннерлар илинган эди. Одамлар биз билан фахрлана бошлади. Кўпроқ оилалар қизларига футбол ўйнашга рухсат берди", дейди у.
Бугунги кунда Орифий Англиянинг Донкастер шаҳрида яшайди, коллежда жиноят ҳуқуқини ўқийди ва футбол фаолиятини давом эттирмоқда. Бироқ у Афғонистондаги миллионлаб қизларнинг ҳали ҳам эркинликдан маҳрум эканини ўйлаб, ўзини айбдор ҳис қилишини тан олади.
Янги Зеландияда ўтказилган икки ўртоқлик учрашувида Афғонистон аёллар жамоаси Кук ороллари терма жамоасига аввал 0:1, кейин эса 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Аммо футболчилар учун энг муҳим натижа ҳисоб эмас, балки кўп йиллик сукутдан кейин яна Афғонистон байроғи остида бирлашиш имконияти бўлди.






