Мексиканинг Кульякан шаҳрида TikTok ижодкори Сесар Гастелум жонли эфир олиб бораётган вақтда қуролли ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда "Animal Político" нашри хабар берди.
Маълум бўлишича, қарийб 600 минг нафар обуначига эга бўлган ва ҳазиломуз контентлари билан танилган Гастелум дўстлари билан фастфуд ресторани олдида тўғридан-тўғри эфирда бўлган. Шу вақтда икки нафар шахс мотосиклда келиб, блогерга яқинлашган.
Жонли эфир тасвирида ҳужумчилардан бири Сесар Гастелумга қарата ўқ узгани акс этган. Оқибатда блогер олган жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирча ҳуқуқ-тартибот идоралари қотиллик сабаблари ва ҳужумчилар шахси ҳақида расмий маълумот бермаган.
Қайд этилишича, Мексиканинг Синалоа штати пойтахти бўлган Кульякан шаҳри уюшган жиноий гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар тез-тез содир бўладиган ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахлик 21 ёшли блогер Орзигул Ўразматова ҳам йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган эди.






