АсосийЖАМИЯТ

Тожикистонда ҳижоб кийган аёллар бўйича рейдлар ўтказилмоқда

Ҳокимият вакилларининг билдиришича, мазкур тадбирлардан мақсад "бегона маданият кириб келишининг олдини олиш ва миллий ўзига хосликни сақлаш"дан иборат.

'Тожикистонда ҳижоб кийган аёллар бўйича рейдлар ўтказилмоқда'ning rasmi

Тожикистоннинг Панжакент шаҳрида маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан миллий анъаналарга мос келмайди деб баҳоланган кийимларга қарши рейдлар бошланди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.

Маълум қилинишича, 4 август куни Халқ демократик партиясининг маҳаллий бўлими томонидан тарқатилган суратларда расмийлар бош, бўйин ва елкани ёпиб турадиган рўмол ўраган аёллар ҳамда қизлар билан суҳбатлашаётгани акс этган. Уларнинг ёнида милиция ходими ҳам бўлган.

Ҳокимият вакилларининг билдиришича, мазкур тадбирлардан мақсад "бегона маданият кириб келишининг олдини олиш ва миллий ўзига хосликни сақлаш"дан иборат.

Бироқ ҳозирча рейдлар доирасида қанча нафар аёл ва қизлар билан суҳбат ўтказилгани маълум қилинмаган.

Манбага кўра, ҳижоб кийиб юрадиган айрим аёллар ҳокимият вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбатлар ҳақида очиқ гапиришдан бош тортган. Улар бу ҳолат шахсий ҳаёти ёки иш фаолиятида муаммолар келтириб чиқаришидан хавотир билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнь ойида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон "Болани ўқитиш ва тарбиялаш учун жавобгарлик тўғрисида"ги қонун ҳамда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларни имзолаган эди.

Унга кўра, "миллий маданиятга ёт" деб баҳоланган кийимларни олиб кириш, сотиш, тарғиб қилиш ва кийиш тақиқланган. Бу талабларни бузганлик учун жарималар белгиланган.

Шу билан бирга, қонунчиликда "ёт кийим" тушунчасига аниқ таъриф берилмаган. Аммо амалиётда Тожикистон ҳокимияти аёлларнинг ҳижоби ва айрим диний либосларига нисбатан чекловларни қўллаб келмоқда.

    Бошқа янгиликлар