АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда Миллий боғда 4 ёшли қизалоқ чўкиб кетиб вафот этди

Ҳозирда ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

'Тошкентда Миллий боғда 4 ёшли қизалоқ чўкиб кетиб вафот этди'ning rasmi

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган Миллий боғ сайилгоҳи ҳудудидаги чўмилиш соҳилида 4 ёшли қизалоқнинг сувга чўкиб кетиши оқибатида вафот этгани юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Darakchi.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 2026 йил 5 август куни тахминан соат 16:30 ларда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йил 12 январда туғилган Фарзона Рашидова опаси ва бувиси билан бирга чўмилиш учун Миллий боғдаги соҳилга келган. Чўмилиш жараёнида қизалоқ сувга чўкиб кетган.

Ҳодиса жойига етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.

Тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан расмийлаштирилган маълумотномага кўра, марҳумнинг танасида ташқи тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳозирда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи, прокуратура ҳамда Суд-тиббий экспертиза бюроси ходимлари томонидан ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар