Оқибатда пойтахт Тбилиси ва мамлакатнинг аксарият ҳудудлари электр энергиясиз қолди. Бу ҳақда Гуржистон Биринчи канали хабар берди.
Маълум қилинишича, маҳаллий вақт билан соат 20:15 атрофида юз берган блэкаут сабаб Тбилиси метрополитени фаолияти тўхтаган. Шунингдек, Гуржистон темир йўллари поездлари ҳаракати ҳам вақтинча бекор қилинган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Тбилисида дўконлар, ресторанлар ва бошқа савдо нуқталарида ҳам электр таъминоти узилган. Айрим тадбиркорлар иш фаолиятини давом эттириш учун генераторлардан фойдаланган.
Tbilisi Life Telegram-канали маълумотига кўра, Гуржистон Энергетика ва сув таъминотини тартибга солиш миллий комиссияси аъзоси Георгий Панганининг айтишича, электр таъминотидаги узилиш Ингури гидроэлектр станцияси агрегатларида ўтказилаётган режали синовлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Унинг таъкидлашича, мазкур синовлар июль ойида юз берган авариялардан сўнг энергетика тизимидаги заиф нуқталарни аниқлаш мақсадида ўтказилган. Ҳозирда носозликнинг аниқ сабабларини ўрганиш бўйича таҳлил ишлари давом этмоқда.
Қайд этилишича, бу Гуржистонда сўнгги икки ҳафта ичида содир бўлган учинчи йирик блэкаут ҳисобланади.
Аввалроқ, 25 июль куни Тбилисида метро ҳаракати тўхтаб, сув таъминоти ва интернет хизматларида ҳам узилишлар кузатилган эди. Ундан бир кун аввал эса Тбилиси билан бир қаторда Батуми, Кутаиси, Телави, Боржоми, Бакуриани ва Зугдиди шаҳарлари ҳам электр таъминотисиз қолган.






