Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби Германиянинг “РБ Лейпциг” жамоаси ҳимоячиси Ян Диоманде трансферини якунлаш арафасида турибди. Бу ҳақда бир қатор хорижий манбалар хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, мадридликлар 19 ёшли футболчи учун 125 миллион евро тўлашга тайёр. Бундан ташқари, келишувга яна 15 миллион еврогача бўлган бонуслар ҳам киритилган. Ҳозирда томонлар трансфернинг сўнгги ҳуқуқий ва расмий жиҳатларини келишиб олмоқда.
Агар ушбу битим расман амалга ошса, Ян Диоманде “Реал Мадрид” тарихидаги энг қиммат трансферга айланади.
Эътиборлиси, ёш ҳимоячи шу вақтга қадар катталар даражасида атиги 46 та расмий учрашувда майдонга тушган. Бундан бир йил аввал у Испаниянинг иккинчи дивизионида иштирок этувчи “Леганес” клубида тўп сурган ва ўша вақтда унинг трансфер қиймати 600 минг евро деб баҳоланган эди.
Ҳозирга қадар “Реал Мадрид” тарихидаги энг қиммат харид Жуд Беллингем ҳисобланади. У 2023 йилда Германиянинг “Боруссия Дортмунд” клубидан 103 миллион евро эвазига сотиб олинган. Кейинги ўринларни Гарет Бейл (101 миллион евро) ҳамда Эден Азар (100 миллион евро) эгаллаб турибди.
Шу тариқа, агар Ян Диоманде трансфери 125 миллион евро эвазига расман тасдиқланса, у “Реал Мадрид” тарихидаги энг қиммат футболчи сифатида қайд этилади.






