Бу ҳақда бугун, 6 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамасида маълум қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги Қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Хусусан, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида фуқаронинг ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати олиши, инсон ҳалок бўлиши ёки бошқа оғир оқибатлар юзага келган тақдирда, транспорт воситасини топширган шахс учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ёки унда иштирок этиш, юк автомобилларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш ҳамда белгиланган тезликни соатига 80 километрдан ортиқ ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ҳужжатда транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бош тортиш учун белгиланган жазо чораларини такомиллаштириш, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда эса жаримани чегирма асосида тўлаш имкониятини маълум муддатга чеклаш ҳам назарда тутилган.
Қонун ташаббускорларига кўра, мазкур ўзгартишлар йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда ҳайдовчилар масъулиятини оширишга хизмат қилади.






