Маълум қилинишича, 27 июль куни давлат раҳбари раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аварияларни камайтириш, энергия йўқотишларининг олдини олиш ҳамда соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш масалалари танқидий таҳлил қилинган.
Йиғилишда белгиланган вазифалар доирасида электр ва газ таъминотини "туманбай" ва "маҳаллабай" ташкил этиш, ҳудудларнинг энергия истеъмоли балансини шакллантириш, тармоқ ва ускуналарни хатловдан ўтказиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда соҳада рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Тақдимотда Энергетика вазирлиги, "Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти ва Ўзэнергоинспекция раҳбариятининг топшириқлар ижроси бўйича режалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Янгийўл туманида электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича махсус штаб иш бошлаган. Унда аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, электр узилишлари, қувват етишмаслиги, газ босими пасайиши, техник шартлар олиш ва қарздорлик билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда.
Қайд этилишича, Янгийўл тумани тажрибаси асосида яна 13 та туманда шундай тизимни йўлга қўйиш ва кейинчалик уни бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.
Шунингдек, тадбиркорларни электр ва газ тармоқларига улашда техник шартларни бериш жараёнларининг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилмоқда.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида эса муаммоли тармоқ ва ускуналарни янгилаш, энергия йўқотишларини камайтириш, авариявий узилишлар сабабларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш бўйича мутасаддиларга қатор вазифалар юклади.






