АсосийДУНË

Бен-Гвир фаластинлик маҳбусларнинг Қуръони карим нусхалари ва кийимларини мусодара қилишни буюрди

Фаластин ҳамда Исроилда фаолият юритувчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, айни пайтда Исроил қамоқхоналарида аёллар ва болаларни ҳам ўз ичига олган тахминан 9,5 минг нафар фаластинлик маҳбус сақланмоқда.

'Бен-Гвир фаластинлик маҳбусларнинг Қуръони карим нусхалари ва кийимларини мусодара қилишни буюрди'ning rasmi

Исроилнинг Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир мамлакатнинг Негев қамоқхонасида сақланаётган фаластинлик маҳбусларнинг Қуръони карим нусхалари ҳамда кийимларини мусодара қилишни буюрди. Бу ҳақда TRT Haber хабар қилди.

Маълум қилинишича, вазир Негев қамоқхонасига ташрифи давомида маҳбуслар фойдаланаётган кийимлар ва Қуръони карим нусхаларини олиб қўйиш бўйича кўрсатма берган. Шундан сўнг муассасада фаластинлик маҳбуслар фойдаланиши мумкин бўлган Қуръони карим нусхалари сони кескин қисқарган.

Фаластин Маҳбуслар медиа идорасига кўра, Негев қамоқхонасида сақланаётган маҳбусларнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Баёнотда Исроил маъмурияти фаластинликларга нисбатан озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситаларига доир чекловларни жазо чораси сифатида қўллашда давом этаётгани таъкидланган.

Шунингдек, Фаластин Озодлик Ташкилоти ҳузуридаги Маҳбуслар ва озод этилганлар ишлари бўйича ҳайъат 2 август куни Исроилнинг шимолидаги Мегиддо қамоқхонасида сақланаётган фаластинлик маҳбуслар очлик, тиббий эътиборсизлик ва оғир яшаш шароитларига дуч келаётганини маълум қилган эди.

Фаластин ҳамда Исроилда фаолият юритувчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, айни пайтда Исроил қамоқхоналарида аёллар ва болаларни ҳам ўз ичига олган тахминан 9,5 минг нафар фаластинлик маҳбус сақланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари улар очлик, қийноқлар ва тиббий ёрдамнинг етарли эмаслиги каби оғир шароитларда сақланаётганини қайд этмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Бен-Гвир фаластинлик маҳбусларнинг Қуръони карим нусхалари ва кийимларини мусодара қилишни буюрди - Darakchi.uz