Сурия пойтахти Дамашқ яқинидаги Жарамана туманида микроавтобусга олдиндан ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, яна 14 киши жароҳат олди.
Сурия расмийлари маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, портлашга транспорт воситасига яширинча ўрнатилган портловчи қурилма сабаб бўлган.
Гувоҳларнинг айтишича, портлаш жуда кучли бўлган. Ҳодиса содир бўлган кўчада кўплаб дўконлар ва савдо нуқталари жойлашган бўлиб, портлаш атрофдагиларда саросима уйғотган.
Қайд этилишича, Жарамана асосан друзлар истиқомат қиладиган ҳудуд ҳисобланади. Сўнгги вақтларда Суриядаги друзлар қуролли гуруҳлари ва мамлакатнинг янги раҳбарияти ўртасида кескинлик сақланиб қолмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили Суриянинг жанубидаги Сувайдо вилоятида содир бўлган тўқнашувларда 1 700 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ҳисоботда ҳукумат қўшинлари, қабила жангарилари ҳамда друзлар қуролли гуруҳлари томонидан эҳтимолий ҳарбий жиноятлар содир этилгани қайд этилган.






