Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун маъқулланди.
Сенат маълумотига кўра, ҳужжат Президент администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми, вазифалари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Қонун билан администрациянинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик механизмлари, шунингдек, мансабдор шахслар ва ходимларининг ҳуқуқий кафолатлари ҳам мустаҳкамланмоқда.
Ҳужжатни ишлаб чиқишда АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия ва Қозоғистон каби давлатлар тажрибаси ўрганилган.
Қайд этилишича, қонун Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси 4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.






