АсосийДУНË

Ғарбий Европада 27 йилдан сўнг илк бор Қуёш тўлиқ тутилди

Мутахассислар Қуёш тутилишини махсус ҳимоя кўзойнакларисиз кузатмасликни тавсия қилмоқда\.

'Ғарбий Европада 27 йилдан сўнг илк бор Қуёш тўлиқ тутилди'ning rasmi

Бугун, 12 август куни Ғарбий Европанинг материк қисмида 27 йилдан бери биринчи марта Қуёшнинг тўлиқ тутилиши кузатилмоқда. Бу 1999 йилдан буён минтақадаги илк тўлиқ Қуёш тутилиши ҳисобланади. 

Ноёб астрономик ҳодиса Ой Қуёшни тўлиқ тўсиб қўйиши натижасида юзага келади. Тўлиқ тутилиш йўли Шимолий Сибир ҳудудларидан бошланиб, Шимолий муз океани ва Гренландиянинг шарқий қисми орқали ўтиб, Исландиянинг ғарбий қисми ҳамда Испаниянинг шимолига етиб боради. Тутилиш йўли шунингдек Португалиянинг шимоли-шарқий қисмига ҳам қисқа муддат тегади. 

Тўлиқ тутилишни кузатиш учун энг қулай нуқталардан бири Исландия бўлди. Мамлакат пойтахти Рейкьявикда Қуёшнинг тўлиқ тутилиши маҳаллий вақт билан соат 17:48 да кузатилди.

Испаниянинг шимолидаги А-Корунья ва Бильбао шаҳарларида эса тўлиқ тутилиш Қуёш ботишидан бироз олдин, тахминан соат 20:28 да бошланди. Мадрид ва Барселонада Қуёшнинг фақат бир қисми Ой билан тўсилди. 

Тўлиқ Қуёш тутилиши вақтида Ой Қуёш дискини бутунлай беркитади. Натижада кундузи қисқа вақтга қоронғулик тушади, ҳаво ҳарорати пасаяди ва айрим ҳудудларда юлдузларни кўриш мумкин бўлади.

Европанинг катта қисмида эса тутилиш қисман кузатилади. Буюк Британия, Ирландия, Франция ва Италияда Ой Қуёшнинг сезиларли қисмини тўсади. Шимолий Африканинг айрим ҳудудларида ҳам ушбу ҳодисани қисман кузатиш имкони бўлди. 

Мутахассислар Қуёш тутилишини махсус ҳимоя кўзойнакларисиз кузатмасликни тавсия қилмоқда. Қуёшга оддий кўз билан қараш кўриш қобилиятига жиддий зарар етказиши мумкин.

Айтиш жоиз, Испания яқин йилларда яна икки марта ноёб астрономик ҳодисага гувоҳ бўлади. 2027 йил 2 августда мамлакат ҳудудидан навбатдаги тўлиқ Қуёш тутилиши ўтади. 2028 йил 26 январда эса Испанияда ҳалқасимон Қуёш тутилиши кузатилади. 

Ғарбий Европада кейинги тўлиқ Қуёш тутилишини кўриш учун эса анча узоқ кутишга тўғри келади.

    Бошқа янгиликлар

    Ғарбий Европада 27 йилдан сўнг илк бор Қуёш тўлиқ тутилди - Darakchi.uz