Боливияда Бразилиянинг "Сан-Паулу" футбол клуби делегацияси учун мўлжалланган автобусдан 86,5 килограмм марихуана топилди. Бу ҳақда UOL портали хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа жамоанинг Жанубий Америка кубоги 1/8 финалида Боливиянинг "Боливар" клубига қарши сафар учрашуви олдидан содир бўлган.
Автобус Кочабамба шаҳри яқинида тўхтатилган. Текширув давомида транспорт воситасидан гиёҳванд модда солинган тўртта қоп аниқланган.
Операция натижасида автобуснинг уч нафар ҳайдовчиси қўлга олинган. Ҳозирда уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Сан-Паулу" клуби мазкур автобусдан фойдаланмаганини маълум қилди. Клуб делегацияси учун бошқа транспорт воситаси ажратилган.
Қайд этиш жоиз, "Сан-Паулу" ва "Боливар" ўртасидаги мусобақанинг 1/8 финал босқичидаги биринчи учрашув 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланган. Жамоалар ўртасидаги жавоб баҳси 19 август куни Бразилияда ўтказилади.






