АсосийДУНË

15 миллион қозоғистонликнинг маълумотлари даркнетда сотувга қўйилгани айтилмоқда

"Мash" нашри 15 миллион нафар қозоғистонликнинг шахсий маълумотлари интернетга сизиб чиққанини хабар қилди.

'15 миллион қозоғистонликнинг маълумотлари даркнетда сотувга қўйилгани айтилмоқда'ning rasmi

Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ушбу хабарга муносабат билдирди.

Нашр маълумотларига кўра, номаълум шахс даркнетда Қозоғистоннинг 15 миллион аҳолисига оид маълумотлар базасини сотувга қўйган. Постда ушбу база мамлакат аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисмини қамраб олиши айтилган.

Маълум қилинишича, сотувчи маълумотлар базасини электрон ҳукуматнинг eGov тизимига ҳакерлик ҳужуми орқали қўлга киритганини даъво қилган. shymzz13 тахаллусли фойдаланувчи 2,7 гигабайт ҳажмдаги файлни 0,5 биткоинга, яъни қарийб 32 минг долларга баҳолаган.

Унда паспорт маълумотлари, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, иш жойлари, ҳужжатларнинг скан-нусхалари ва пароллардан иборат 47 миллион қатор маълумот борлиги айтилган.

Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар мазкур базани Украинадаги қўнғироқ марказлари сотиб олишидан хавотир билдирган. Бироқ маълумотлар базасининг ҳақиқийлиги ва унинг eGov тизимидан олингани ҳозирча тасдиқланмаган.

"Nur.kz" мухбири Қозоғистон Рақамий ривожланиш вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилган. Вазирлик фуқароларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиққани ва даркнетга жойлаштирилгани ҳақидаги хабарлардан хабардор эканини маълум қилган.

"Ҳозирда тегишли хизматлар билан биргаликда эълон қилинган ахборот техник жиҳатдан текширилмоқда. Жумладан, тақдим этилган маълумотлар намуналари таҳлил қилиниб, уларнинг эҳтимолий келиб чиқиш манбаси аниқланмоқда.

Айни вақтда электрон ҳукумат ахборот тизимлари бузиб кирилгани ёки ушбу база бевосита eGov тизимидан олингани ҳақида тасдиқланган маълумотлар мавжуд эмас", дейилади вазирлик муносабатида.

Шу билан бирга, вазирлик тарқатилган маълумотларнинг бир қисми электрон ҳукумат тизимидаги маълумотларнинг тузилиши ва форматига мос келмаслигига эътибор қаратган.

Хусусан, eGov тизимида паспортларнинг скан-нусхалари хабарда айтилган шаклда сақланмаслиги, рақамли ҳужжатлар эса бошқа форматга эга экани қайд этилган.

Вазирликка кўра, даркнет фойдаланувчисининг база eGov тизимидан олингани ҳақидаги баёнотининг ўзи электрон ҳукумат тизими бузиб кирилганини тасдиқламайди.

Техник текширув давом этмоқда. Унинг натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши билдирилган.

Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги фуқароларга рақамли хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни тавсия қилди. Хусусан, SMS-кодлар, пароллар ва электрон рақамли имзо маълумотларини учинчи шахсларга бермаслик, шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик ҳамда турли хизматлар учун бир-биридан фарқ қилувчи пароллардан фойдаланиш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июнь ойида ҳам Қозоғистон фуқароларининг 16 миллиондан ортиқ шахсий маълумотлари интернетга сизиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Қайд этиш жоиз, бир неча кун аввал Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг компьютер ҳамда серверларига RDP (Remote Desktop Protocol) хизмати орқали рухсатсиз киришга қаратилган оммавий киберҳужумлар аниқланган эди.

    Бошқа янгиликлар

    15 миллион қозоғистонликнинг маълумотлари даркнетда сотувга қўйилгани айтилмоқда - Darakchi.uz