АҚШ Президенти Дональд Трампнинг матбуот котиби Каролин Левитт август ойи охирида лавозимини тарк этишини маълум қилди. У қарорини икки нафар кичик фарзандига кўпроқ вақт ажратиш истаги билан изоҳлаган.
Каролин Левитт бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Оқ уй матбуот котиби лавозими катта вақт, куч ва эътибор талаб қилади. Шу боис у фарзандларига муносиб даражада вақт ажрата олмаётганини ҳис қилган.
Левитт май ойида иккинчи фарзанди — Вивиан исмли қизини дунёга келтирган. У бир муддат туғруқ таътилида бўлиб, кейин Оқ уйдаги ишига қайтган эди. Унинг икки ёшли ўғли ҳам бор.
"Қизим туғилганидан кейин Оқ уйга қайтганимда, агар матбуот котиби лавозими талаб қиладиган даражада вақт, куч ва эътиборимни ишга бағишласам, икки нафар кичик фарзандимга муносиб она бўла олмаслигимни бутун қалбим билан ҳис қилдим", — деб ёзди Левитт.
У Трампга ишонч билдиргани ва унинг номидан Оқ уй минбаридан нутқ сўзлаш имкониятини бергани учун миннатдорлик билдирди.
Дональд Трамп ҳам Левиттнинг қарорига муносабат билдириб, уни Оқ уйдаги фаолияти учун мақтади. Президент уни ўзининг энг ишончли ёрдамчиларидан бири деб атади. Трамп ҳозирча матбуот котиби лавозимига ким тайинланишини маълум қилмаган.
28 ёшли Каролин Левитт 2025 йил январь ойида Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати бошланганидан сўнг Оқ уй матбуот котиби этиб тайинланган. У ушбу лавозимни эгаллаган энг ёш шахс ҳисобланади.
Левитт 2024 йилги президентлик сайлови даврида ҳам Трампнинг сайловолди кампанияси матбуот котиби сифатида ишлаган.
У матбуот котиби лавозимини тарк этгач ҳам Трамп билан ишлашда давом этиши ва унинг ташқи маслаҳатчиларидан бири бўлиши кутилмоқда.






