АсосийДУНË

Сурхондарёда 4 минг йил аввал ипакчилик бўлгани аниқланди

Сурхондарёдаги Сополлитепа ёдгорлигидан топилган қадимий пилла қолдиқлари ҳудудда қарийб 4 минг йил аввал тут ипак қурти боқилгани ва ипакчилик технологияси мавжуд бўлганини кўрсатди.

'Сурхондарёда 4 минг йил аввал ипакчилик бўлгани аниқланди'ning rasmi

Ўзбекистон Фанлар академияси мутахассислари халқаро тадқиқотчилар билан ҳамкорликда Сополлитепадан топилган учта қадимий пилла намунасини ўрганган. Илмий таҳлиллар уларнинг тут ипак қурти — Bombyx mori га тегишли эканини кўрсатган.

Радиокарбон таҳлилига кўра, намуналар милоддан аввалги 1940–1765 йилларга тегишли. Бу уларни Марказий Осиёда ипак қурти етиштирилганини кўрсатувчи энг қадимий ишончли далиллардан бирига айлантиради.

Тадқиқот давомида Сополлитепадан тут дарахтига тегишли ёғоч қолдиқлари ҳам аниқланган. Тут барглари тут ипак қуртининг асосий озуқаси ҳисобланади. Олимлар бу далиллар биргаликда бронза давридаёқ ҳудуд аҳолиси тут дарахтларини етиштириб, ипак қуртини боқиш технологиясини ўзлаштирган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Олимларнинг фикрича, мазкур кашфиёт ипакчилик технологияси Марказий Осиёга Буюк ипак йўли шаклланишидан қарийб 2 минг йил олдин етиб келганини кўрсатиши мумкин. Бу эса ипакчиликнинг қадимги дунёда тарқалиши ҳақидаги тасаввурларни қайта кўриб чиқишга асос бўлади.

Тадқиқот натижалари 2026 йилда Science Advances журналида эълон қилинган.

    Бошқа янгиликлар