Марказий банк меҳнат миграцияси географияси кенгайиб бораётганини ҳам қайд этган.
Хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг энг кўпи Россия ҳисобига тўғри келади. У ерда 834,2 минг нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, Европа давлатларида 258 минг, Қозоғистонда 84,4 минг, Туркияда 72,1 минг ва Жанубий Кореяда 46,4 минг нафар ўзбекистонлик ишламоқда. Яна 97,7 минг нафар фуқаро бошқа давлатларда меҳнат қилмоқда.
Меҳнат мигрантларининг 398,9 минг нафари ёки 28,6 фоизини аёллар ташкил этади. 402,1 минг нафар ёки 28,9 фоизи эса ёшлар ҳисобига тўғри келади.
Қайд этилишича, миграция йўналишларида ҳам ўзгариш кузатилган. МДҲ давлатларига йўналган миграция оқими 29 фоизга камайган бўлса, Европа давлатлари йўналишида 42 фоизга, Шарқий Осиёда эса 26 фоизга ўсиш қайд этилган.
Марказий банкка кўра, меҳнат миграциясига таъсир қилувчи асосий иқтисодий омиллардан бири Ўзбекистон ва хориждаги меҳнат бозорларидаги иш ҳақи ўртасидаги фарқдир.
Шу билан бирга, 2026 йил бошидан буён 124,5 минг нафар Ўзбекистон фуқароси хорижда юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларига жойлаштирилган.
Келгусида муҳандислик, юқори технологияли ишлаб чиқариш, инфратузилма қурилиши, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, ахборот технологиялари, туризм ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида хорижий иш берувчиларнинг Ўзбекистон ишчи кучига талаби ортиши кутилмоқда.






